ПАХТАСАНОАТ ИЛМИЙ МАРКАЗИ

ПАХТАСАНОАТ ИЛМИЙ МАРКАЗИ

Тошкент шахар Яккасарой тумани, Ш.Руставели 8

11:52 07.07.2022
##
Кишлоқ хўжалиги — иқтисодиётимизнинг муҳим сектори. Ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 28,5 фоизи, мамлакат бўйича иш билан таъминланиш даражасининг 30 фоизидан ортиғи мазкур соҳа ҳиссасига тўғри келади. Аграр соҳа ривожи учун илм-фан ва амалиёт интеграциясини чуқурлаштиришнинг аҳамияти катта.
 

Президентимиз раислигида жорий йил 28 июнь куни илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш асосида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Айтиш жоиз, жаҳонда кузатилаётган иқтисодий ва экологик муаммолар, айниқса глобал иқлим ўзгаришлари инновацион технологияларни жорий этиш орқали маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш заруратини юзага келтиради. Табиий ўсимлик толалари ичида асосан пахта толаси тўқимачилик саноатида кенг қўлланилади. Мана шу жиҳат пахта толасига бўлган талабнинг ошишига ҳам олиб келмоқда.

 

Жаҳон амалиётидан маълумки, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини чуқур ўрганган ҳолда илм-фаннинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиб, экин турларини маҳаллийлаштириш, ўринли жойлаштириш, замонавий агротехнологияларни кенг татбиқ этиш юқори натижадорликка эришишнинг ягона йўли саналади.

Йиғилишда илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологияларни ривожлантириш тармоқ тараққиёти учун муҳим омил сифатида таъкидлангани бежиз эмас. Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, пахта етиштиришдан олинадиган глобал бизнес даромади йилига 500 миллиард AҚШ долларини ташкил этади. Демак, мазкур экин иқтисодий жиҳатдан энг муҳим қўшимча қийматга эга. Президентимиз пахтачиликда йилига 9 миллиард АҚШ долларлик мавжуд имконият ҳамда қўшимча даромаддан умуман фойдалана олмаётганимизни алоҳида таъкидлаб, илм-фан ва инновациялар орқали бунга албатта эришиш мумкинлигини аниқ мисолларда кўрсатиб бердилар. Дарҳақиқат, тўқимачилик бизга кам харажат билан катта даромад олиш имконини беради. Ундан ўринли фойдаланишимиз учун ҳам уруғчилик ва экин етиштириш жараёнида илмга таянишимиз, замонавий биотехнологияларни жорий қилишимиз керак.

Дунё бўйича пахта етиштириладиган майдонларнинг 95 фоиздан ортиғида ўрта толали ғўза тури экилади. Аммо енгил саноатдаги технологик ўзгаришлар тола сифатига янгидан-янги талабларни қўяётганини ҳисобга олсак, илмий асосланган ҳолда соҳани ривожлантиришнинг аҳамияти нечоғлик юқори эканини англаш қийин эмас.

Президентимиз кўтарган ҳосилдорликдаги энг катта муаммо –глобал исиш натижасида кундузги ҳарорат билан тунги ҳарорат ўртасидаги фарқнинг бузилишидир. Авваллари кундузи 50 даража иссиқ бўлса ҳам, кечаси ҳарорат 19-20 даражага тушарди, шунинг учун гулларнинг чангланиши осон кечарди. Ҳозир эса ўсимлик гуллайди, лекин гуллар чангланмагани учун мева ҳосил бўлмайди. Бу ҳолатга далаларга чиқсангиз ҳам гувоҳ бўласиз, масалан ғўзанинг биринчи гуллагани кўсак туккан, қолганлари эса гуллигича турибди. Негаки, ҳозирда Ўзбекистонда тупроқ 40-45 даражагача қизиса, кечалари унинг ҳарорати 35 даражадан пасаймаяпти, ёмони унинг амплитудаси кескин ўзгарувчан ҳолатда кузатилмоқда. Орол денгизи қуриди, музликлар эриди, бир неча ўн йиллар аввал айнан шу тоғлардаги музликлардан совуқ ҳаво келиб, тунги ҳавони совитарди. Ҳозир эса гармсел одатий иқлим шароитига айланди. Шунинг учун ҳосилдорлик камайган. Вазиятни тўғрилашнинг ягона йўли – иссиққа чидамли ўсимликлар навларини яратиш ва иссиқ шароитда экинларга ҳосил тугишлари учун янги авлод биостимуляторлари билан ёрдам беришдир.

Глобал иқлим ўзгаришига сабабчи бўлаётган яна бир катта муаммо бу ҳаводаги карбонат ангидридини кўпайиши ва «иссиқхона» эффекти натижасида юқорида қайд қилинган ўсимликларни ҳимоялаш, ўғитлаш ва гулни чангланиб мева тугишидаги мураккабликларни келиб чиқаётганидир. Аслида карбонат ангидридни ҳавода кўпайиши ўсимликларга айни муддао, улар бу газ билан озиқланади — тайёр озуқа манбаи, лекин бу газни кўпайиши ўсимликлар гуллашига тескари таъсир қилади, яъни тайёр озуқа турганда ўсимликларни гуллаш темпи кескин тушиб кетади, бир томондан иссиқ тунги ҳавода бу чангчини етилишига ҳам тўсқинлик натижаси ҳамдир.

Дунё олимларини фикрича, ҳавода мана шундай даражадаги карбонат ангидрид газини миқдорини ошиб бориши кейинги 100 йилда ўсимликларни тўла гулламайдиган ҳолатга олиб келади. Шунинг учун, дунё иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги бевосита ҳаводаги карбонат ангидридни самарали камайтирувчи яшил технологияларни ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.

Бу борада қатор ўсимликлар каби буғдой ва ғўза инсониятга ҳаводаги карбонат ангидридини камайтиришда ёрдам берадиган 6 та ўсимлик қаторида. Бу экинлар Ўзбекистонни асосий майдонларига экилишини инобатга олсак, Ўзбекистон дунё яшил иқтисодиётига катта улушлар билан кириб бориши мумкинлиги муболаға бўлмайди. Юқорида айтилганидек, фотосинтезни жадаллашуви натижасида масалан буғдой ва ғўзада карбонат ангидрид гази кўп ўзлаштирилмоқда. Баргларда ҳосил бўлган глюкоза аслида, поляризация натижасида илдизда тўланади, бироқ илдиз яна чириши натижасида янгидан карбонат ангидрид гази ажралиб ҳавога қайтади. Демак карбонат ангидрид гази миқдори яна қайта тикланаверади.

Янги навлар яратиш билан фотосинтез натижасида ҳосил бўлган глюкозани ўсимлик илдизида секинроқ парчаланишига эришилса, муаммо бартараф этилади, яъни ҳаводаги ортиқча газни самарали тарзда биополимерга айлантириб (масалан, суберин полимерга) ер бағрида узоқроқ сақлаш ва пировардида «иссиқхона» эффектини камайтириш имкони туғилади. Бу юқорида санаб ўтилган барча муаммоларни бевосита ва билвосита ҳал қилишга ёрдам беради. Ҳозирда ўсимликларни фотосинтези янада жадаллашган, карбонат ангидрид газини тез ўзлаштирувчи, шу билан бирга ҳосил бўлган глюкозани секин парчаланувчи суберинга айлантириб, илдизда тўплайдиган ғўза навлари ни яратиш устида ишлаяпмиз.

Олимларимиз томонидан 100 центнергача ҳосил берадиган пахта навлари (Юксалиш, Равнақ, Порлоқ, Барака, Саховат) яратилиб, амалиётга кичик майдонларда жорий қилинган. Аммо бу навлар фермер ва кластер далаларида кенг жорий қилинмасдан қолиб кетяпти. Сабаби, кластерларга бу навларни етказиш, етиштириш агротехнологияларини тушунтириш, кластерларнинг сифатли уруғ билан таъминланиши борасида камчиликлар мавжуд. Давлатимиз раҳбари мана шу тизимнинг пухта йўлга қўйилиши лозимлиги, кластерларга ва фермерларимизга тарғибот ва илмий тавсиялар бериш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Тан олиш керак, деҳқон ва фермерларимизда чет элдан олиб келинган уруғ яхши, деган тушунча бор. Бироқ, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак: дунё пахтачилигида Ўзбекистон энг шимолий ҳудуд саналади. Яъни, етакчи давлатлардан пахта навларини олиб келиб тўғридан-тўғри ўзимизнинг далаларга экканимиз билан кутилган ҳосилни ололмаймиз. Бунинг сабаби шундаки, чет элдан олиб келинган пахта уруғи камида 160-200 кунда пишиб етилади. Аммо бизнинг об-ҳавомиз учун бу муддат жуда узоқ давр саналади. Соҳада фаолият олиб бораётган олимларимиз изланиб, мана шу даврни 120 кунга қисқартирган. Агар фермер ўз даласига импорт ҳисобига келтирилган навни тўғридан-тўғри экса, одатдаги каби сентябрь ойида ҳосил ололмайди. Ўлкамиз иқлим шароитида эса ҳосил муддати кечиккани сари тола сифати тушиб, массаси йўқолиб бораверади.

Нима учун ғўза навлари ва унинг ҳосилдорлиги ҳамда пахтани чуқур қайта ишлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти, деган савол туғилиши табиий. Ўзбекистон узоқ йиллар давомида тола экспорт қилган. Бу тайёр маҳсулотдан кўра анчайин паст иқтисодий самара берган. Дунё амалиётида ҳосилдорлик тола миқдори билан ўлчанади. Туркия гектаридан бир ярим минг килограмм тола олса, бизда бу кўрсатгич 800 килограммни ташкил қилади. 100 килограмм пахтадан 33 килограмм тола ажратиб олинади. Демак, мана шу кўрсаткични ўзгартириш учун ҳам бизга бир вақтни ўзида тола чиқими сифати юқори бўлган, иқлимимизга мос навлар керак. Аммо тола чиқими яхшиланиши билан сифат тушаверади, тола сифати оширилса эртапишарлик хусусияти ёмонлашади ва бу ҳосилдорликка таъсир қилади. Бундай ўзаро тескари генетик боғлиқликни бартараф этиш учун, соҳага янгича илмий ёндашувлар зарур.

Тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, ўзбек пахтасига талаб юқори бўлган, чунки юртимизда етиштирилган пахтада тола узунлиги — 33-34 миллиметр бўлиб, соҳада етакчи давлатларда бу кўрсатгич 25 миллиметрни ташкил қилади. Сифатли хомашё саналгани учун ҳам кўплаб давлатлар Ўзбекистондан тайёр маҳсулот эмас, тола сотиб олишга уринган. Президентимиз ташаббуслари билан тармоқда кластерлар тизими жорий қилиниб, пахтани чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бу мавжуд имкониятларимиздан ўринли ва самарали фойдаланишимиз учун ташланган муҳим қадам эди. Йиғилишда белгиланган вазифалар мана шу каби улкан ишларнинг мантиқий давомийлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Ер сифатини яхшилашда замонавий лабораторияларнинг аҳамияти катта. Узоқ йиллар давомида ерга нотўғри ишлов берилгани учун ҳам ҳосилдорлик кўтарилмаяпти. Замонавий лабораторияда тупроқни таҳлил қилиб, мана шу муаммоларга барҳам беришга ҳаракат қиляпмиз. Бу, албатта, ўзига яраша вақт талаб қилади. Йиғилишда йил якунига қадар ҳар бир кластерда уруғчилик, тупроқ таҳлили ва биолабораториялар ҳамда уруғ тайёрлаш цехлари ишга туширилиши таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир кластер йил якунига қадар тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиб, ер майдонлари паспортини ишлаб чиқиши ва ҳосилдорликни ошириш чораларини белгилаб олиши кераклиги айтилди. Экин учун мўлжалланган ернинг паспортини ишлаб чиқиш орқалигина қайси ўғитни қанча миқдорда бериш лозимлигини аниқлаш мумкин. Кимёвий элементларга бой ерларга яна ўғит берсак, у заҳарга айланади. Бу жиҳатдан ҳам илмий ёндашув зарур.

Қоидага кўра, ерга солинган ўғит пропорция жиҳатдан ҳосилдорликни ошириши керак, лекин қишлоқ хўжалигимизда бу ҳолат кузатилмаяпти. Сабаби: беш-ўн йил аввал бир гектар ерга 150 кило нитрат солинарди, кейинчалик у 300 кило бўлди. Беш-ўн йил аввал пахта гектаридан 26 центнер ҳосил берарди, аммо нитратлар гектарига 300 кг солина бошлаганидан сўнг ҳосилдорлик камайди. Ҳозир эса нитратни 600 килограммга чиқарганмиз, аммо аҳвол янада мушкуллашган. Сабаби – албатта иқлим ўзгаришида. Об-ҳавонинг исиши, қурғоқчилик оқибатида Марказий Осиё ҳудудида фотосинтез жараёни деярли икки баравар тезлашиб кетган. Фотосинтез – япроқда глюкоза синтез бўлишини англатади. Баргда ҳосил бўлган шакарни илдизга юбориш талаб этилади. бунинг учун сув кўп керак бўлади. Сув томир орқали пояга чиқиб, баргга етиб боргач, баргдаги глюкоза пастга қараб силжийди. Сув тепага юриши учун нитрат насоси, яъни нитрат ўғити керак бўлади. Шунинг учун ерга солинган нитратнинг барчасини ўсимлик ишлатяпти. Яъни, нитрат ўсимликка ўғит сифатида эмас, балки сувни тепага ҳайдаш учун насос сифатида сарфланяпти. Ўсимлик ўсиши учун «пастга тушган» ўз глюкозасидан фойдаланяпти. Ҳосилдорлик эса ошмаяпти. Юқори ҳароратда ўсимлик бўйига қараб ўсяпти, кўсак ҳосил қиляпти, лекин кўсак пишмаяпти.

Яна бир жиҳат, NPK (нитрат, фосфор, калий) элементлари анъанавий 1-0,7-0,5 пропорцияда бўлиши керак, акс ҳолда ўсимлик мева тугади, лекин пишмайди, қуриб қолади ёки ҳосили етилмай тўкилиб кетади. Бу айниқса ғўзага тегишли бўлиб, кўсак очилмайди. Энди тасаввур қилинг, атроф жазирама, тупроқда нитрат миқдори ошиб кетган, глюкоза синтези тезлашган, баргларда ҳосил бўлган шакарни «пастга» тушириб, сувни кўтариш керак. Нитратни ўсимлик 3 баравар кўп оляпти, лекин фосфор етишмаяпти. Пропорция бузилгани учун кўсак кўп, аммо пахта очилмаяпти. «Шунча нитрат солиняпти, ҳосилдорлик қани?» деган саволга жавоб йўқ, сабаби – фосфор берилмагунча ҳосилдорлик кўпаймайди. Юқорида айтилган пропорцияда фосфорни солиш эса ўсимликнинг таннархини ошириб юборади, чунки фосфор қиммат ўғит саналади.

Хўш, нитрат миқдорини камайтириб, тегишли миқдорда фосфор солинсачи? Бу ҳам вақтинчалик чора. Негаки, икки-уч йилда ернинг ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Сабаби, фосфор сувда эриши қийин бўлган кимёвий модда, эримаган фосфор кристаллари ерда қотиб, тупроқ унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор бериб, ўғитлар меъёрини янгилаш бўйича Кенгашга аниқ топшириқ бердилар.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигида зараркунандаларга қарши курашиш, турли ҳашаротларга чидамли нав яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугун ер юзида глобал иқлим ўзгаришлари кузатилмоқда. Сайёрамиздаги ўртача ҳарорат бир неча даражага ошди. Ҳашаротлар ва зараркунандаларнинг янги турлари пайдо бўлди, бу жуда катта муаммо. Дейлик, Ўзбекистонда қиш аввалгидек совуқ бўлмаяпти, баҳор эртароқ бошланаётгани туфайли авваллари ўсимликлар уйғонгунча ухлаб ётадиган ҳашаротлар энди уларнинг уйғонишини кутиб, озиқланишга тайёр ҳолда турибди. Ўсимлик ҳали ўзини ўнгламасидан туриб, ҳашаротларнинг унга чанг солиши экинларга катта зарар олиб келмоқда…

Келинг, шу вазиятга бошқача назар билан қарайлик. Ҳашаротлар ҳам биологик тур сифатида яшаши ва кўпайиши керак. Масалан, пахтани териб олганимиздан кейин ғўзапояси олиб кетилади, ерга гумус сепилмайди, натижада ҳашаротлар оч қолади. Шунинг учун ҳам улар баҳорда униб чиққан ўсимликни ейишга тайёр туради. Албатта бу ҳашаротлар сапрофитлар, яъни чириндихўрлар гуруҳига мансуб ва уларнинг бу хусусиятининг фойдали томонлари бор. Лекин, ерда чирийдиган нарсанинг ўзи қолмаса, улар озиқланишга қийналади. Масалан, ҳозирги пайтда Бухоро вилоятида вилт касаллигининг кўпайишига айнан мана шу омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Вилоятда 25 минг гектар майдонни вилт босган. Бунинг асосий сабаби – ғўзапоя таг-туги билан далалардан олиб чиқиб кетилишидир. Шунингдек, ҳозир кўпчилик ҳолларда ғўзапояни майдалаб, далаларга сепиш амалиёти йўлга қўйилган. Аммо ушбу амалиёт касалликнинг янаям кенгроқ тарқалишига хизмат қиляпти. Агар ғўзапоянинг бир қисми ер остига кўмиб қўйилса, вилт қиш бўйи у билан озиқланади ва тупроқдан ташқарига чиқмайди.

Бирор ҳашаротни буткул йўқотишга уриниш, уларга қарши кураш агротехнологияларига риоя қилмаслик зараркунандаларнинг курашувчанлигини орттиради. Дала майдонларини гўнглаш орқали нафақат ўсимликлар ўғитланади, балки ҳашаротлар ҳам озиқланади. Агар ҳашаротлар ер тагида ўз озуқасини топиб еса, у ҳеч қачон ўсимликларга ўтмайди. Негаки, улар аслида чириндихўр, чиринди тополмаганидан кейингина тирик ўсимликларга ёпишишини юқорида айтиб ўтдик.

Беда қандаласи авваллари асосан боғлар орасидаги бедазорларда учрарди. Ҳозир бу зараркунанда ғўзани еб кўпайяпти. Сабаби – боғлар йўқ, борига ҳам беда экилмаяпти. Ҳашаротларнинг буғдойдан ғўзага ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Умуман олганда, дунё коронавирус билан яшашни ўрганаётгандек, шу зараркунандалар билан яшашни ҳам ўрганишимиз керак. Бунинг учун уларни озуқасини далада қолдириш талаб этилади. Мазкур озуқа ҳашаротларга қопқон вазифасини ўйнайди. Масалан, тут парвонаси ҳам айнан тут дарахтлари камайиб кетгани боис бошқа экинларга ҳужум қилаётир. Энг ёмони – мазкур ҳашаротларга қарши кимёвий кураш олиб борилиши уларнинг йўқолиб кетишига эмас, балки бошқа, янада чидамли турларининг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Демак, уларнинг ареалини сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган агротизим яратиш лозим.

Бу борада «ақлли қишлоқ хўжалиги» асқотади. Табиатан шундай: битта ҳашарот 10 та тухум қўйган бўлса, уларни қириб ташласангиз, курашувчанлик қобилияти янада ошади ва тирик қолган ҳашарот энди бир неча ўн баробар кўп тухум қўяди. Ҳашарот дориланса, кейинги йилларда шу дорига чидамлилик ҳосил қилади ва дори билан курашишнинг аҳамияти қолмайди. Чет элдан катта маблағ эвазига келтирилган доридан фойдалансак, кейинчалик йил яна бошқа турдаги дорини сотиб оламиз. Ва шу тариқа импорт кучайиб бораверади. Бу ортиқча маблағ сарф қилиш дегани. Илмий ёндашиб, биологик усуллар билан қарши курашиш ҳамда касалликлар ва зараркунандаларга чидамли нав яратиб, ортиқча харажатларнинг олдини олишимиз мумкин.

Соҳада кузатилаётган камчиликларни бартараф этиш учун ҳам вазирликлар қошида эмас, Президент ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилиши белгиланди. Кенгашга бошчилик қилиш вазифаси зиммамга катта масъулият юклайди. Энди 13 та туманни танлаб олиб, ўша ҳудудларда пахтачилик бўйича янги технологияларни татбиқ этамиз.

Ҳақиқатдан ҳам, ғўзани ўғитлашни ўзгартириш, инсектицид ва пестицидларни ҳам тартибга солиш вақти-соати келди. Шунинг учун ҳам янги ташкил этилган Кенгаш олдига иқлим ва ҳарорат ўзгаришларига мос бўлган ўғитлаш режасини ишлаб чиқиш ва гербицид ва пестицидлар қўллашни тартибга солиш вазифаси қўйилди. Илмий асосланган ҳолда ҳар йили ҳосилдор ва эртапишар навларни ҳудудлар кесимида кўпайтириш ва экишни ҳар бир кластер бўйича белгилаб бериш ҳам катта мақсадларимиздан бири. Махсус гуруҳ ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор препаратларни қўллаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Кластерларга ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини экиш ва уруғларини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, минерал ва органик ўғитлардан фойдаланиш ҳамда пахтачиликда сув ва ресурстежамкор технологияларни жорий этиш бўйича тавсиялар бериш муҳим ишларимиздан бири. Хусусий секторни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий ҳамда хусусий уруғчилик кластерларини ташкил этиш ва бу орқали рақобат муҳитини яратиш ҳам аҳамиятли жиҳат. Эндиликда уруғчилик бўйича ихтисослашган халқаро ташкилотлар (ISTA, OECD ва бошқалар)га аъзо бўлиш ва ҳамкорлик битимларини тузишни режалаштиряпмиз. Бу жаҳон бозорларига чиқишимиз учун янги йўлларни очади.

Ернинг табиий структурасини яхшилаш ҳам алоҳида эътибор талаб қиладиган жиҳат. Турли микробиологик ўғитлар билан тупроққа ишлов бериш ва ўсимликларни парвариш қилишда микробиологик препаратлар ва экологик хавфсиз стимуляторларни минерал ўғитлар билан уйғунлаштирилган ҳолда қўллаш, тупроқнинг унумдорлиги, агрофизикавий, агрокимёвий ҳамда микробиологик хусусиятларини яхшилашни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Республика бўйича тупроқлар агрокимёвий хариталарини янгилаш, озуқа элементлари билан таъминланиш даражасига қараб, илмий асосланган тавсияларга мувофиқ минерал ўғитларни мақбул нисбатларда ва муддатларда қўллаш орқали ғўзанинг ноқулай об-ҳаво шароитларига, касалликларга қарши иммунитетини кучайтириш натижасида пахта ҳосили ҳамда сифатини оширишни таъминлаш мумкин.

Кенгаш кичик инновацион уруғлик корхоналарини ташкил этиш орқали янги навларнинг кичик партиядаги уруғликларини жамғариш, сақлаш ва қайта ишлаш, саралаш, дорилаш ҳамда қадоқлаш, янги навларнинг ҳосилдорлигини давлат андозаси талабларига етказишни ҳам йўлга қўяди.

Фахр билан айтишимиз керак, эндиликда ғўза селекцияси ва уруғчилиги соҳасида анъанавий ва ноанъанавий селекция ҳамда физиологик ва биокимёвий тадқиқотлар бўйича илғор услубларни ўзлаштириш бўйича малака ошириш, халқаро грантлар асосида ривожланган давлатлар билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш ташкил этилади.

Пахта толасининг узунлиги, пишиқлиги, бир хил тузилишда экани ва бошқа бир қатор хусусиятлари мато сифатига таъсир кўрсатадиган асосий омиллардир. Тайёр маҳсулотни жаҳон бозорларига чиқаришда тола сифатини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш, ғўзанинг тупроқ шўрланиши ва қурғоқчиликка чидамли навларини яратишга эътибор қаратиш зарур. Олимларимиз молекуляр маркерлардан фойдаланган ҳолда ўсимликларнинг муайян хусусиятларини экин етилгунига қадар аниқлаш имконига эга бўляпти. Бугун соҳа мутахассислари олдида ер ва сувдан унумли фойдаланиш баробарида вақтни ҳам тежашдек муҳим масала турибди. Агар ҳар бир жиҳатни эътиборга олиб янги навларни тўғри жойлаштирсак, иқлим билан боғлиқ ўзгаришлар ва зараркунандалардан чўчимаймиз.

Президентимиз барча кластерлар сувни илм билан тежаб ишлатиши шартлигини таъкидлади. Сўнгги икки йилда 169 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизими жорий қилингани яхши кўрсаткич. Аммо соҳа олимлари олдида яна бир муҳим вазифа турибди: юртимизда мавжуд пахта навларининг ўқ илдизи жуда узун ва барча навларимизда 40-45 см дан сўнг ён илдизлар шохланади. Томчилатиб суғориш жараёнида сув ва озуқа экин илдизигача етиб бормаяпти. Демак, илдиз тизими юқори қисмлардан шохланадиган (ён ва попук илдиз) бўлган навларни яратишимиз ёки маҳаллийлаштиришимиз керак.

Тўқимачилик катта даромад келтирадиган соҳа. Чинакам даромад манбаига эга бўлиш учун эса янги технологиялар ва инновацион усуллардан ўринли фойдаланиш зарур. Ҳар қайси иқтисодий соҳанинг асосий натижадорлигини белгилашда илм-фаннинг ўрни беқиёс.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

инновацион ривожланиш вазири, академик